Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожи, фуқароларининг ҳаёти, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берувчи асосий қонунидир. Бундан 31 йил муқаддам қабул қилинган Конституциямиз халқимизнинг инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини ифода этиб, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган қоидаларига асосланган, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг мус-таҳкам йўлини белгилаб берди. Қайд этиш лозим, жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ овозига қўйилган конституциявий қонун лойиҳаси референдуми мамлакатда ўзаро муносабатларнинг асоси сифатида “давлат-жамият-инсон” тамойили ўрнига “инсон-жамият-давлат” ғояси асос қилиб қўйилишига қаратилган воқеа сифатида тарихга кирди. Янги таҳрирдаги Конституцияда инсон, унинг ҳуқуқи ва эркинлиги олий қадрият дея тан олинган Ўзбекистоннинг кўпмиллатли халқи иродасини рўёбга чиқариш ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу боис инсон ва фуқаронинг асосий шахсий ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлашнинг конституциявий кафолати янада кучайтириляпти. Шу ўринда таъкидламоқчиманки, янги Конституциямизда таълим соҳасига оид нормалар кенгайгани нафақат биз, балки барча педагогларни ҳам чексиз қувонтирди. Хусусан, янги Конституциямизнинг 52-моддасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиш, давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши алоҳида белгилаб қўйилди. Бу эса ўқитувчи-педагогларнинг жамият ва давлат олдидаги меҳнати, келажак авлодлар камолотидаги машаққатлари давлат томонидан эътироф этилиши соҳа вакилларига янада куч ва ғайрат бағишлайди.